You are here

Иймоннинг олти рукни

Сажда — Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога итоат қилишнинг муаззам кўринишидир.

Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтиришнинг маъноси:

Бу иймон Аллоҳнинг борлигини қатъий тасдиқлаш, Унинг рубубияти, улуҳияти ва исм-сифатларига иқрор бўлиш, демакдир.

Биз бу ҳақда қуйидаги сатрларда батафсил тўхталиб ўтамиз:

  1. Аллоҳ таолонинг борлигига ишониш: 

Аллоҳнинг фитрати:

Аллоҳнинг борлигига ишониш одамзотдаги табиий нарса бўлиб, унга далил келтириш учун қийналишга эҳтиёж йўқдир. Шунинг учун кўплаб одамлар дин ва ҳаёт тарзлари фарқли бўлишига қарамай, Аллоҳнинг борлигига иқрор бўлмоқдалар.

Биз чин қалбимиздан Аллоҳнинг мавжуд эканини ҳис этамиз ва қийналган онларимизда иймонли фитратимиз ҳамда ҳар бир инсонда Аллоҳ таоло яратган ва кўплаб инсонлар йўқотишга ҳаракат қилаётган ёки билмаётган бўлишсада диндорлик туйғулари билан Унга ёлворамиз.

Биз дуогўйларнинг дуолари ижобат бўлаётгани, тилакда бўлганларга умидлари берилаётгани, чорасиз инсонларнинг тилаклари амалга ошаётганини кўриб, эшитмоқдамиз. Бу эса ўз-ўзидан Аллоҳ таолонинг борлигига аниқ далолат қилади.

Аллоҳ таолонинг борлигини кўрсатувчи далиллар тилга олиниш ва аниқлашдан кўра равшан экани. Шулардан:

  • Ҳар бир банда яхши биладики, ҳодис (янги нарса)ни қилгувчиси бўлади. Биз ҳар вақт кўриб турган ушбу сонсиз махлуқотларни вужудга келтирган Яратгувчиси бор ва у Аллоҳ таолодир. Чунки У, махлуқотларининг яратгувчисиз яралишларини ёки ўзларини ўзлари яратишини хоҳламади. Зеро, ҳеч бир махлуқ ўзини ўзи ярата олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деди:  «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?!» (Тур: 35). 
    Бу оятнинг маъноси эса: Улар Холиқсиз яралмадилар ва ўзларини ўзлари яратмадилар. Бундан кўриниб турибдики, уларнинг яратгувчиси — Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
  • Осмону Ери, юлдузу дарахтлари билан ушбу Коинотнинг низоми унинг яратгувчиси ягона экани ва у — Аллоҳ таоло эканига қатъий далолат қилади: 
    «(Бу) барча нарсани пухта қилган зот — Аллоҳнинг ҳунаридир» (Намл: 88).

Мисол қилиб олсак, ушбу сайёралар ва юлдузлар ўзгармас низом асосида, ҳар бир сайёра ўз ўқи атрофида, ундан чиқмай ҳаракат қилади.
Аллоҳ таоло айтди:  «На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур» (Ёсин: 40).

  1. Аллоҳнинг рубубиятига иймон келтириш

«Аллоҳнинг рубубиятига иймон келтириш»нинг маъноси:

У — Аллоҳ таоло барча махлуқотнинг Парвардигори, Эгаси, Холиқи, Розиқи, жон ато этгувчиси, ўлдиргувчиси, фойда ва зарар бергувчиси, барча яхшилик Унинг қўлида экани, У барча нарсага қодир ва шериксиз эканига қатъий иқрор бўлиш ва шуларни тасдиқлашдир.

Демак, бу — Аллоҳ таолони ишлари билан яктолашдир. Яъни, шундай эътиқод қилиш керак:

  • Аллоҳ таолонинг Ўзигина Коинотдаги барча нарсанинг Холиқидир ва Ундан бошқа яратгувчи йўқдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди: 
    «Аллоҳ барча нарсанинг Холиқидир» (Зумар: 62).
    Одамзот қилган ишлар эса бирон нарсани бир сифатдан бошқа сифатга айлантириш ёки жамлаш ва бирлаштириш ёхуд шунга ўхшаган ишдан бошқа нарса эмас. Унинг қилган ишлари ҳақиқий яратиш ёки йўқдан бор қилиш ёхуд ўлгандан сўнгра тирилтириш эмасдир.
  • Аллоҳ таолонинг Ўзигина барча махлуқотларининг Розиқи бўлиб, Аллоҳ таоло айтганидек, Ундан бошқа ризқ бергувчи йўқдир:  «Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (Ҳуд: 6).
  • Аллоҳ таолонинг Ўзигина барча нарсанинг Эгасидир ва ҳақиқатда Ундан бошқа Хожа йўқдир. Аллоҳ таоло айтди:  «Осмонлар ва Ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага қодирдир» (Моида: 120).
  • Аллоҳ таоло барча нарсанинг Бошқарувчиси бўлиб, Ундан бошқа бошқарувчи йўқдир. Аллоҳ таоло айтди: «У осмондан ергача бўлган барча ишни тадбир қилиб — бошқариб турур» (Сажда: 5).
    Одамзотнинг ўз ишлари ва ҳаётини тадбир билан бошқариши ва тартиблаши, қўл остида бўлган, ўзигина эгалик қилган ва кучи ета оладиган нарсаларгагина чекланган. Ушбу тадбир гоҳида амалга ошиши ва самараларини бериши мумкин. Аллоҳ таолонинг тадбири эса, барча нарсани ўз ичига олган ва ундан ҳеч бир нарса четда қолмайди. У жорий бўлади ва қаршисида бирон нарса ғов бўла олмайди. Аллоҳ таоло айтди: 
    «Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори — Аллоҳ баракотли — буюкдир» (Аъроф: 54).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаган даврдаги мушрик араблар Аллоҳ таолонинг рубубиятига ишонишар эди: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаган даврдаги кофирлар Аллоҳ таолонинг Тадбир қилувчи, Молик ва Холиқ эканига эътироф этишар эди. Бироқ, бу эътироф уларни Ислом динига кирита олмади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: 
«Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз албатта «Аллоҳ», дерлар» (Луқмон: 25).

Чунки Аллоҳ таолонинг барча оламларнинг Робби, яъни Холиқи, Эгаси ва ўз неъматлари билан Тарбияткунандаси эканига иқрор бўлиш, Аллоҳ таолони ибодат билан яктолаш ва ибодатни ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина қилишни тақозо этади.

Аллоҳ таолонинг барча нарсанинг Холиқи, Коинотнинг бошқарувчиси, Ўлдирувчи ва Тирилтирувчи эканига иқрор бўлган инсоннинг, ибодат турларини Аллоҳдан бошқаси учун қилишини ақл қандай бовар қилиши мумкин?! Ахир бундай қилиш катта зулм ва оғир гуноҳ-ку! Шу боис Луқмон алайҳиссалом насиҳат қилар экан, ўғлига шундай деган эди: 

«Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки, ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳнинг даргоҳида гуноҳларнинг каттароғи қайси экани ҳақида сўралганида: «Сизни яратган бўлишига қарамай Аллоҳга тенгдош қилишингиздир», деб жавоб берган эдилар (Имом Бухорий: 4208; Имом Муслим: 86).

Аллоҳнинг рубубиятига иймон келтириш кўнгилларни хотиржам қилади:

 Аллоҳ таоло махлуқотларининг Эгаси бўлгани боис улар Унинг тасарруфидан чиқа олмаганликлари, яратувчилари бўлган Аллоҳ уларни ҳикматига кўра хоҳлаганидек бошқариши, барча нарса Аллоҳ тарафидан яратилган ва Аллоҳга муҳтож бўлгани, барча иш Аллоҳнинг қўлида экани: яратгувчи, ризқ бергувчи, Коинотни бошқаргувчи ягона Аллоҳ экани, Коинотдаги ҳар бир зарра Аллоҳнинг амри билангина ҳаракатланиши ёки ҳаракатсиз туришини билган банданинг қалбига, бу билими, ҳаётнинг беқарорлигига қарамай муомалаларда хотиржамлик, сабот ва бардавомлик билан Аллоҳнинг Ўзигагина боғланиш, суяниш, ёлвориш ва жасорат билан муомала қилиш туйғуларини беради. Чунки у, модомики, ҳаётининг ҳар бир жабҳасида ўзи хоҳлаган нарсани қўлга киритиш учун сабабларини қилар, Аллоҳ таолога муродига эришиш учун ёлворар экан, ўз зиммасидаги масъулиятни адо этган бўлади. Ўша онда унинг кўнгли бошқаларнинг қўлидаги нарсаларга кўз тикмайди. Зеро, ишнинг асли шуки, бу ишларнинг барчаси Аллоҳнинг қўлидадир ва У хоҳлаган ва танлаган нарсаларни яратади.

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси веб саҳифаси (Мусулмоннинг қулай йўриқномаси) китобининг электрон нусхаси бўлиб, ад-далил ал-маосир ширкатининг фаолиятларидан биридир. У 15 дан ортиқ тилларда қўйилди ва мумтоз электрон қолиблардан бир қанчасига солинди.

ад-Далил ал-Муосир