You are here

Ислом аҳкомларини ўрганиш

Мусулмон, ҳаётининг ҳар бир жабҳаси — ибодатлари, муомалари ва алоқалари ҳақидаги шариат аҳкомларини ўрганиши ва қуллигини онгли равишда бажо келтириши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни динда билимдон қилиб қўяди», дедилар (Имом Бухорий: 71; Имом Муслим: 1037).

Мусулмоннинг намоз ва рўза каби фарз ибодатлар, мубоҳ ёки ҳаром бўлган озиқ-овқатлар ва бошқа барча нарсалар ҳақидаги шаръий ҳукмларни ўрганиши фарздир. Бундан ташқари  фарз бўлмаган тақдирда ҳам шариатда рағбатлантирилган нарсаларнинг аҳкомларини билиши мустаҳабдир.

Шаръий аҳкомлар

Одамзотнинг барча ишлари, ҳаракатлари ва сўзлари шариатда қуйидаги ҳолатлардан нарига ўтмайди: 

Фарз

Фарз — Аллоҳ таоло буюрган нарсалар бўлиб, уларни қилган одам савоб олиб, қилмаган одам жазоланадиган амалдир. Масалан, беш вақт намозни ўқиш, Рамазон ойи рўзасини тутиш каби қатъий далиллар билан собит бўлган ҳукм «фарз» деб аталади.

Ҳаром

Ҳаром ( таҳримий макруҳ) —   Аллоҳ таоло таъқиқлаган нарсалар бўлиб, уларни қилган одам жазоланадиган ва қилмаган одам савоб оладиган амалдир. Масалан,  зино қилиш ва ароқ ичиш кабилар.

Суннат ва мустаҳаб

Суннат ва мустаҳаб — Ислом дини  қилишга рағбатлантирган нарсалар бўлиб, қилган одам савоб олиб, қилмаган гуноҳкор бўлмайдиган амалдир. Масалан, одамларга табассум билан боқиш, биринчи бўлиб салом бериш ва йўл устидаги зарарли нарсаларни четга олиш кабилар.

Макруҳ

Танзиҳий макруҳ — Ислом воз кечишга рағбатлантирган нарсалар бўлиб, қилмаган одам савобли, қилган одам эса жазоланмайдиган амалдир. Масалан, намоз пайтида бармоқларни ўйнатиш.

Мубоҳ

Мубоҳ — қилиш ҳам, қилмаслик ҳам бирон буйруқ ёки таъқиққа алоқаси бўлмаган амалдир. Масалан, ейиш, ичиш ва гапириш каби.

Исломнинг беш рукни

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш нарса устига қурилгандир: «Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир», дея гувоҳлик бериш, намозни тўкис ўқиш, закотни бериш, Уй (Каъба)ни ҳаж қилиш ва Рамазон (ойи) рўзасини тутиш», дедилар (Имом Бухорий: 8; Имом Муслим: 16).

Ушбу беш рукн диннинг асоси ва катта устунлари бўлиб, келгуси бўлимларда уларнинг тафсилотлари ва аҳкомларининг шарҳлари билан таништириб ўтамиз.

Уларнинг биринчиси иймон ва тавҳид бўлиб, у ҳақдаги боб «Иймонингиз», деб аталади.

Иймондан кейин эса, ибодатларнинг энг буюги ва шарафлиси бўлган намоз туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Исломнинг устуни — намоздир», дедилар (Термизий: 2749). Яъни, намоз — Ислом унинг устида қад ростлаган ибодат бўлиб, усиз Ислом бўлмайди.

Намознинг соғлом бўлиши учун, мусулмон уни ўқир экан таҳоратли бўлиши шарт. Шунинг учун «Иймонингиз» бобидан кейин «Таҳоратингиз», ундан кейин эса «Намозингиз» боби келади.

Ислом арконлари:

  1. «Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир», дея гувоҳлик бериш.
  2. Намозни тўкис ўқиш.
  3. Закотни бериш.
  4. Рамазон ойи рўзасини тутиш.
  5. Уй (Каъба)ни ҳаж қилиш.

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси веб саҳифаси (Мусулмоннинг қулай йўриқномаси) китобининг электрон нусхаси бўлиб, ад-далил ал-маосир ширкатининг фаолиятларидан биридир. У 15 дан ортиқ тилларда қўйилди ва мумтоз электрон қолиблардан бир қанчасига солинди.

ад-Далил ал-Муосир