You are here

Ислом дини молиявий муомалаларда бўлишини таъкидлаган ахлоқлар

Ислом дини молиявий муомалалар аҳкомини таъкидлаганидек, молиявий муомалалар билан шуғулланадиган кимсаларга ҳам қатор ахлоқ ва одобларни жорий қилган. Шулардан:

Омонатдорлик:

Мусулмон ёки ғайри муслимлар билан қилинаётган тижорий муомалалардаги омонатдорлик, Аллоҳнинг шариатига эргашган мусулмоннинг энг муҳим аҳлоқларидан биридир. Қуйидаги сатрларда унинг нақадар муҳим экани очиқ намоён бўлади. 

  • Аллоҳ таоло айтди: «Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларга топширишни буюрди» (Нисо: 58).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам омонатсизлик ва омонатга хиёнат қилишни мунофиқлик аломатларидан ҳисоблади: «Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда қилса хилоф ва омонат қўйилса хиёнат қилади» (Имом Бухорий: 33; Имом Муслим: 59).
  • Омонатдорлик, Аллоҳ таоло айтганидек, мўминларнинг муҳим сифатларидан биридир: «Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. ...  Улар (яъни, мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир» (Мўминун: 1 – 8). 
    Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам омонатдор бўлмаган одамнинг иймони бўлмаслигини таъкидлаб: «Омонатдорлиги бўлмаган одамнинг иймони бўлмайди», деганлар (Имом Аҳмад: 12567).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан илгари Макка шаҳрида «Ростгўй омонатдор» лақабини олган эдилар. Чунки у зот, алоқа ва муомалаларида омонатдорлик рамзи эдилар.

Ростгўйлик:

Ростгўйлик — Ислом таъкидлаган муҳим хусусиятлардан биридир.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сотувчи ва харидорни назарда тутиб: «Агар ҳар иккиси ҳам рост гапирсалар ва камчиликларни айтсалар, савдоларига барака берилади. Агар камчиликларни яшириб, ёлғон гапирсалар, савдоларининг баракаси қочади», дедилар (Имом Бухорий: 1973; Имом Муслим: 1532).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ростгўй бўлингиз! Чунки ростгўйлик яхшиликка, яхшилик эса жаннатга олиб боради. Биров ростгуй бўлиб, ростгўйликни қасд қилаверар экан, Аллоҳнинг даргоҳида «сиддиқ» деб ёзилади» (Имом Муслим: 2607).
  • Сотилиши учун молини мақтаб ёлғон қасам ичган одамни Ислом дини: «Катта гуноҳлардан бирини қилди!», дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар: «Уч тоифа борки, Аллоҳ уларга Қиёмат куни гапирмайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бордир: ... молини ёлғон қасам билан сотган сотувчи» (Имом Муслим: 106).

Ишни пухта ва мустаҳкам қилиш:

Ишчи ва ҳунармандларнинг ҳар бири ўз ишини пухта ва чиройли қилиб бажаришга ҳаракат қилиши керак.

  • Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча ишда яхшилик қилишни фарз қилиб, ҳаётнинг ҳар бир тармоғида яхшилик қилишга буюрди. Ҳатто илк боқишда яхшилик ва пухталик кўринмагандек бўлган ов ва бўғизлаш каби ишларда ҳам яхшилик қилишга фармойиш берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай дедилар: «Аллоҳ барча нарсага яхшилик қилишни фармойиш қилди. Агар ўлдирсангиз, қийнамай ўлдиринг! Агар жонлиқ сўйсангиз, бўғизлашни яхши қилинг! Бировингиз пичоғини қайрасин ва бўғизлаётган ҳайвонини қийнамасин!» (Имом Муслим: 1955).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир одамнинг жанозасида ҳозир бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрни текис қилиш ва чиройли дафн қилиш учун асҳобларига кўрсатма берар, сўнгра асҳобларига қараб: «Сизнинг бундай қилишингиз маййитга на фойда ва на зарар беради. Аллоҳ таоло эса ишчининг ишини пухта қилишини суяди» (Байҳақий «Шуъабул иймаан»: 5315), бошқа ривоятда эса: «Аллоҳ бировингизнинг иш қилса, пухта қилишини суяди», дер эдилар (Абу Яъло: 4386; «Шуъабул иймаан»: 5312). (Ахлоқ ҳақида қолган саҳифаларга боқинг).

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси веб саҳифаси (Мусулмоннинг қулай йўриқномаси) китобининг электрон нусхаси бўлиб, ад-далил ал-маосир ширкатининг фаолиятларидан биридир. У 15 дан ортиқ тилларда қўйилди ва мумтоз электрон қолиблардан бир қанчасига солинди.

ад-Далил ал-Муосир