You are here

Жамоат намози

Аллоҳ таоло эркакларни беш вақт намозларни жамоат билан ўқишга амр қилди. Унинг фазилати ҳақида катта савоблар ваъда қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жамоат намози танҳо одамнинг намозидан кўра йигирма етти даража афзалдир», дедилар (Имом Бухорий: 619; Имом Муслим: 650).

Жамоат намозидаги одамларнинг энг кам сони: имом ва битта иқтидо қилган одам. Жамоатдаги намозхонлар сонининг ортиб бориши, Аллоҳ таоло учун севимлидир.

Саҳобалар намозларни жамоат билан ўқишга ҳаракат қилишар эди. Ҳатто улар жамоат намозида давомий иштирок этмасликни мунофиқликдан ҳисоблашар эди.

Иқтидо қилишнинг маъноси

Иқтидо қилишнинг маъноси, иқтидо қилган одамнинг имомига боғланиши, имомига рукуси, саждасида эргашиши, унинг қироатига қулоқ солиши, имомидан илгарилаб кетмаслиги ёки бирон ишда имомига хилоф ишларни қилмаслиги балки ҳар бир ҳаракатни имомидан сўнгра кечиктирмай қилишидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Имом эргашиш учун қилинган. Агар такбир айтса такбир айтинглар. У такбир айтмагунича такбир айтманглар! Рукуъ қилса, рукуъ қилинглар. Рукуъ қилмагунича рукуъ қилманглар! Агар «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деса: «Роббана, ва лакал ҳамд», денглар. Агар сажда қилса сажда қилинглар ва сажда қилмагунича сажда қилманглар ...» (Имом Бухорий: 701; Имом Муслим: 414; Абу Довуд: 603).

Ким имом бўлади?

Имомлик учун лойиқ бўлган биринчи одам, Қуръони Каримни ёд билган ёки уни чиройли ўқиган одамдир. Кейин эса уларга яқин, сўнгра уларга яқин даражада бўлган одамлардир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қавмга Қуръонни яхшироқ ўқийдиганлари имом бўлади. Агар қироатда тенг бўлсалар суннатни яхши билганлари ...», дедилар (Имом Муслим: 673).

Имом ва маъмум (иқтидо қилган) одам қаерда туради?

Имом олдинга чиқиши ва иқтидо қилганлар унинг орқасида саф тортишлари керак. Аввал биринчи, сўнгра кейинги сафларга туришлари лозим. Агар иқтидо қилган одам битта бўлса имомнинг ёнида тураверади.

Иқтидо қилган киши имомга етиша олмагани боис намозининг ўқий олмаган қисмини қандай тугаллайди?

Имомга кечикиб намознинг бирон қисмини ўқий олмаган намозхон, имомга иқтидо қилаверади ва имом салом берганидан сўнгра намозининг етиша олмаган қисмларини ўқиб олади.

Ракаат нима билан топилади?

Намозни ракаатлари билан ҳисоблаймиз. Имомга рукуда иқтидо қилган одам, битта ракаатга етган ҳисобланади. Агар рукуга етиша олмаса имом билан бирга намозини бошлайверади ва етиша олмаган ракаатининг ҳаракат ва зикрлари ўқилмаган ракаат ҳисобланади.

Имомга иқтидо қилганида биринчи ракаатни ўқий олмаган одамнинг, намозини қандай тугаллашининг мисоллари 

  • Имомга Бомдод намозининг иккинчи ракаатида етишган намозхон бир ракаат ўқиган ҳисобланиб, имом салом берганидан сўнгра ўрнидан туриб, қолган ракаатни тугаллаши керак. Бунинг учун яна бир ракаатни ўқиб бўлгунча салом бермайди. Чунки Бомдод намози икки ракаат бўлиб, у бир ракаатга етишган эди.
  • Шом намозида имомга охирги ташаҳҳудда етишган одам, имом салом берганидан сўнгра уч ракаатни тўкис ўқиши керак. Чунки у, имомга охирги ташаҳҳудда иқтидо қилди. Ракаатни, имомга рукуда иқтидо қилиш билан топилади.
  • Пешин намозининг учинчи ракаатининг рукусида имомга иқтидо қилган одам, пешин намозининг икки ракаатини топган (ва бу икки ракаат иқтидо қилган одам учун биринчи икки ракаат) ҳисобланади. Агар имом салом берса, бу намозхон ўрнидан туриб, қолган ракаатларини ўқиши керак. Бундай пайтда пешин намози тўрт ракаатли бўлгани боис, иқтидо қилган одамнинг тугаллаётган икки ракаати учинчи ва тўртинчи ракаатлар ҳисобланади.

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси веб саҳифаси (Мусулмоннинг қулай йўриқномаси) китобининг электрон нусхаси бўлиб, ад-далил ал-маосир ширкатининг фаолиятларидан биридир. У 15 дан ортиқ тилларда қўйилди ва мумтоз электрон қолиблардан бир қанчасига солинди.

ад-Далил ал-Муосир