You are here

Ислом динидаги қонунчилик манбалари

Мусулмонлар Ислом шариати ва аҳкомларини ўрганишда катта асос ва далилларга суяниб, улардан ҳодисалар ҳақидаги аҳкомларнинг ҳалол ёки ҳаром эканини ажратиб оладилар.

Шариатнинг асосий далиллари қуйидагичадир: 

  1. Қуръони Карим

У — бандаларига ҳидоят, баён ва ҳақиқат билан ботил ўртасини ажратувчи, ўзгартирилиш ва алмаштирилишдан ҳимояланган Аллоҳнинг китобидир. Агар Аллоҳ таоло Ўз Китобида бирон нарсани буюрса ёки таъқиқласа, барча мусулмонларнинг фармон ва таъқиқ тақозоси бўйича итоатли бўлишлари фарздир. Агар Аллоҳ таоло:
«ва намозни тўкис ўқинглар», деса (Нур: 56) намознинг фарз эканини тушунамиз.  
Қуръони Карим:
«Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир — энг ёмон йўлдир», деса (Исро: 32) зинонинг бутунлай ҳаром эканини аниқ биламиз...
Аллоҳ таоло Қуръони Каримни ўзгартирилиш, қўшимча қўшилиш ва камайтирилишдан ҳимоя қилишни кафолатга олган экан, биз фақатгина оятнинг мақсадга далолат қилишини таъкидлаб олишимиз керак бўлади, холос. 

  1. Пайғамбар суннати 

У — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари, ишлари, тақрирлари ва ахлоқлари ичидан собит бўлганларидир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бир хотинни аммаси билан ёки бир хотинни холаси билан ўртасини (бир никоҳда) жамланмайди» (Имом Бухорий: 5109), деганлари аниқ бўлса, хотини бўлган эркак кишининг шу рафиқасини аммаси ва холаси билан бир никоҳда жамлаши жоиз эмасдир.   

Аҳкомларни чиқариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига икки жиҳатдан қаралади:

  • Ҳадиснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган нисбати аниқ бўлиши шарт. Зеро, уламолар набавий суннати шарифаларни ўрганиш ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишончли муҳаддислар тарафидан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатланган, бироқ унинг суннатидан бўлмаган, аксинча, хато, гумон ва Ислом душманларининг ёлғонлари сабабли пайдо бўлган ҳадисларини айириш учун энг олий ва ишончли меъёрларни қўйиб, катта меҳнатлар қилишди. 
  • Ҳадиснинг қасд қилинган бирон маънога далолати гоҳида маъно нуқтаи назаридан ўта очиқ, гоҳида кўп маънони англатадиган даражада ёхуд бошқа ҳадисларга қўшиш билангина тушуниладиган бўлиши мумкин. 
  1. Ижмоъ

У — Ислом уламоларининг бирон асрда қандайдир бир ишга келишиб қилган қарорларидир. Ислом аҳкомлари ва унинг катта қонунларининг аксари уламолар ижмоъсидир. Намознинг ракаатлари, рўзада оғиз ёпиш ва очиш вақтлари, тилла ва кумушдаги закот миқдорлари ва булардан бошқа аҳкомлар ижмоъ жумласидандир. 

Агар саҳобалар ёки улардан кейин келган уламолар бирон гапга келишишган бўлса, бу унинг тўғри эканига далилдир. Чунки, умматнинг барчаси хатога келишиши мумкин эмасдир.   

  1. Қиёс

У — Қуръон ва Суннатда келмаган бирон масалага ҳукмнинг сабаби ҳақида Қуръон ва Суннат иттифоқ қилган бошқа масала ҳукми билан ҳукм қилишдир. Масалан, (юзларига) уф тортмаслик ва олдиларида товуш кўтармасликка қиёсан ота ва онани уришнинг ҳаромлиги. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бу ҳақда:
«Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!», деган (Исро: 23).
Агар Аллоҳ таоло озорланмасликлари учун ота ва онамизнинг ҳузурида товушни кўтаришни ҳаром қилган бўлса, уларга қўл кўтаришнинг ҳаромлиги, Қуръон ва Суннатнинг озор бериш омилларини ҳаром қилишга иттифоқларидан кўра авлодир.
Қиёс ҳукмларини, чуқур билим эгалари ва юзага келган масалалар аҳкомини яхши билган мутахассислар чиқарадилар.

Нега уламолар қонун чиқариш манбалари ҳақида айни фикрда бўлсаларда, ўрталарида ихтилофлар бўлади?

Буни ўрганиш учун қуйидаги нарсаларни билишимиз керак:  

  1. Барча Ислом уламолари иймон, шариат асослари, Ислом арконлари ва буюк бинолари масалаларида иттифоқдирлар. Улар ўртасидаги ихтилофлар эса, фақатгина фиқҳий аҳкомларнинг тафсилотлари ва татбиқотларида, холос. 

Аммо, умумий қоидалар ва аҳком асосларида уламолар, Аллоҳнинг марҳамати билан, шариат ва пайғамбарликнинг охиргиси ҳамда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ер ва ундаги махлуқотларини мерос қилиб олгунига қадар кафолатга олган шариатга иттифоқ қилганлар. 

  1. Муфассал ва тармоқли ишларда ихтилофнинг бўлиши, табиий ҳолдир. Бундан холи бўлган биронта ҳам самовий ва дунёвий қонун йўқдир. Ҳатто, ундан холи бўлган биронта билим ҳам йўқдир. Қонуншунослар қонуннинг шарҳи ва изоҳида, ҳокимлар уни татбиқ қилишда, муаррихлар тарих ривояти ва ҳодисалари, докторлар, муҳандислар, билимдонлар, санъаткорлар бир мавзуда, унга фикр билдиришда ва уни таҳлил қилишда фарқли кўришда бўлишлари мумкин.  

Тармоқли ва муфассал ишлардаги фарқлиликлар, илмий ва амалий ҳаёт тақозо этган табиий ишдир.  

  1. Аллоҳ азза ва жалла тўғри йўл билан ҳақиқатни излаган, бироқ хато қилган одамни узрли ҳисоблади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатни тўғри йўллар билан излаган одамнинг ҳар икки ҳолатда ҳам ажру савобдан мосуво қолмаслик билан муждалади. 

У ҳақиқатни топа олса иккита, тўғри йўлда юриши ва рағбатига қарамай хато қилса битта савобни қўлга киритади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Ҳоким ҳукм қилатиб ижтиҳод қилса ва тўғри (ҳукмни) топса, унга иккита ажр бордир. Агар ҳукмида ижтиҳод қилсаю хатога йўл қўйган бўлса, унга битта савоб бордир», деганлар (Имом Бухорий: 7352).

Аллоҳ таоло пайғамбарлари Довуд ва Сулаймон алайҳимассаломларга ҳукм қилишлари учун бир масала кўндаланг бўлганида ҳар иккиси ҳам ижтиҳод қилгани, бироқ (ўғил) Сулаймон алайҳиссалом тўғри, (ота) Довуд алайҳиссалом эса хато қилганининг ҳикоясини баён қилди. Шундай бўлсада, ҳар иккисини ҳам мақтади ва:
«Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат-пайғамбарлик ва илм ато этдик», деди (Анбиё: 79).

  1. Эътиборли уламолар ва тўрт мазҳаб имомларининг барчаси Қуръон ва Суннатга таянадилар ва улардан илгари бирон фикр ёки эътирозни муқаддам қўймайдилар. Уларнинг фикр айрилиқлари нафсу ҳаво ёки мақсад ва манфаат ортидан югуриш учун эмас, аксинча, ҳақиқатга эришиш учун қурилган илмий асосларга асосланган эди. Чунки бир ҳадис илм аҳлларидан бирига етган, бошқасига етмаган бўлиши мумкин. Ёки Қуръон ва Суннатда келган далилни тушунишдаги илмий қарашлар фарқли бўлган бўлиш мумкин.  

  2. Исломнинг етук олимларидан тўрттаси илм ва диндорликда имом ҳамда фиқҳ, билим ва диндорлик борасида олий мартабаларга етишган эканига Ислом уммати қарор қилган. Уларнинг шогирдлари кўпайиб, устозларининг қавлларини ёйдилар ва Ер юзининг чор атрофида яшаётган одамларга ўргатдилар. Шундай қилиб олдимизда мусулмонлар яшаётган ўлкаларда кенг тарқалган ва имомларга нисбатланган тўрт мазҳаб юзага келди. Улар қуйидагилардир:   
  • Имом Абу Ҳанифа — Нўъмон ибн Собит раҳимаҳуллоҳ. Бу зот Ироқда яшаган ва 150 ҳижрий йили оламдан ўтган. Унга ҳанафий мазҳаби нисбатланади. 
  • Имом Молик ибн Анас Асбаҳий раҳимаҳуллоҳ, Мадинаи Мунавваранинг имоми. Бу зот 179 ҳижрий йили оламдан ўтган. Унга моликий мазҳаби нисбатланади. 
  • Имом Шофиий — Муҳаммад ибн Идрис раҳимаҳуллоҳ. Бу зот Макка, Мадина, Ироқ ва Миср орасида яшаган ва 204 ҳижрий йили оламдан ўтган. Унга шофиий мазҳаби нисбатланади. 
  • Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ. Бу зот ҳаётининг кўп қисмини Ироқда ўтказган ва 241 ҳижрий йили оламдан ўтган. Унга ҳанбалий мазҳаби нисбатланади. 

Тўрт имом ва уларнинг шогирдлари ўртасида ўзаро мақташ, хилма хил нарсаларни ўзаро ўрганиш мавжуд эди. Уларнинг ҳар бири ҳақиқат ва тўғриликка интилиш учун ҳаракат қилар эди. Бир масалада ҳақиқат ва далилни излаш илинжида биров билан, бошқа масалада эса бошқаси билан айни фикрда бўла олар эди. Шу боис бўлса керак, улардан бирининг бошқасининг қўлида шогирд бўлганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Масалан, Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ Имом Шофиий раҳимаҳумуллоҳнинг қўлида шоигирд бўлиб, дарс олган. Имом Молик раҳимаҳумуллоҳ билан Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳумуллоҳ шогирдлари ўртасида учрашув ва илмий мубоҳасалар бўлиб турган.

Тўрт имомнинг барчасидан: «Ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир», деганлари нақл қилинган. Уларнинг бундан биринчи мақсадлари илмни ёйиш ва одамлардаги саводсизликни тугатиш бўлган. Аллоҳ уларни кенг раҳматига буркасин! 

Фиқҳий ихтилофларга нисбатан мусулмоннинг вазифаси нима? 

Мусулмон ҳақиқатга эргашиш ва унга эришиш учун қаттиқ тиришиши керак. 

  • Агар у мутахассис талаба, далиллар билимидан бохабар одам бўлса, унга фиқҳ асослари билими қоидаларига биноан далиллар асосида етиб борган ижтиҳодига амал қилиши вожиб бўлиб, бошқаларда кўрган ҳақиқатга эргашмай, шайхи (устози) ёки мазҳабига таассуб қилиб оёқ тираб туриши ҳаромдир. 
  • Агар одам далилларга кўз ташлашга мутахассислиги бўлмаган оддий мусулмон бўлса, тасаввурида диндорлиги ва билимдонлигига ишонган кимсага тақлид қилишга тиришиши ва Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига амал қилиши лозимдир:
    «Бас, агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар аҳли илмлардан сўранглар!» (Анбиё: 7).

Бирон масала ҳақида ишончли гапни билган ёки бирон эътиборли олимдан сўраган бўлса, бундай одам у масала ҳақида бошқа бировга мурожаат қилмаслиги керак. Агар шу масала ҳақида бу олимнинг гапига хилоф бошқа одамнинг гапини ҳам эшитган бўлса, бу иккиси ичидан тўғрилик ва ҳақиқатга яқинроқ эканини гумон қилганига эргашиши лозим. Бунинг мисоли, касаллигига фарқли даволарни тавсия этган докторлар ҳақида ўзи танлов қилган беморга ўхшайди.  

Мусулмон, бирон фиқҳий мазҳабга эргашган ёки мўътабар олимга тақлид қилган ёхуд ижтиҳод ва фиқҳ аҳли бўлган одамнинг фикри фарқли бўлса, уни айбламаслиги ва камситмаслиги керак. Чунки, саҳобалар ва салаф солиҳ бир-бирига фиқҳий масалаларда фарқли фикрларни айтишар, бироқ ўрталаридаги муҳаббат ва дўстликка дарз кетмас ва бир-бирларини камситмай баҳс қилишар эди.

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси веб саҳифаси (Мусулмоннинг қулай йўриқномаси) китобининг электрон нусхаси бўлиб, ад-далил ал-маосир ширкатининг фаолиятларидан биридир. У 15 дан ортиқ тилларда қўйилди ва мумтоз электрон қолиблардан бир қанчасига солинди.

ад-Далил ал-Муосир