You are here

Пайғамбарларга иймон келтириш

Инсониятнинг пайғомга эҳтиёжи:

Одамларга шариатларни баён қиладиган ва тўғри йўлга етаклайдиган раббоний пайғом лозимдир. Пайғом — жаҳоннинг руҳи, нури ва ҳаётидир. Руҳ, ҳаёт ва нур бўлмаса, бу жаҳоннинг қандай салоҳияти бўлиши мумкин?!

Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўз рисолати-пайғомини руҳ-жон деб атади. Жон бўлмаса ҳаёт бўлмайди! Аллоҳ таоло айтди: 
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни — Қуръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз» (Шўро: 52).

Сабаби, ақл умумий жиҳатдан яхшиликни ёмонликдан айира олса ҳам, лекин уларнинг тафсилот ва кайфиятларини ваҳий ва пайғом-рисолат йўли билангина била олади. 

Икки дунё саодати ва нажотига пайғамбарлар воситасидагина эришилади. Пок ва ифлос нарсаларни, уларнинг йўли билангина ажратиш мумкин. Пайғомдан воз кечган одам ҳаловатини йўқотади, қайғуга ботиб, воз кечиш ёки мухолифлик даражасига қараб бахтиқаро бўлади.

Иймон рукнларидан бири:

Пайғамбарларга иймон келтириш, иймоннинг олти рукнидан биридир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтди: 
«Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши ...» (Бақара: 285).

Оят барча пайғамбарларга, уларни ажратмай иймон келтириш фарз эканини кўрсатмоқда. Биз яҳудий ёки насронийлар каби айрим пайғамбарларга иймон келтириб, айримларига кофир бўлмаймиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон ҳақида: «Аллоҳга, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, Охират кунига, тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришингдир», дедилар (Имом Муслим: 8).

Пайғамбарларга иймон келтиришнинг маъноси:

Пайғамбарларга иймон келтириш Аллоҳ таолонинг ҳар бир халққа ўзлари ичидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишлари учун чақирадиган пайғамбар юборган эканини, пайғамбарларнинг барчаси ростгўй, (Аллоҳ тарафидан) ростгўйлиги тасдиқланган, тақводор, омонатдор, ҳидоятланган, йўл кўрсатувчи, (Аллоҳнинг омонатини) ўзгартирмаган, унга ўзлари тарафидан бирон ҳарфни ҳам қўшмаган ва бирон ҳарфни туширмаган эканини қатъий тасдиқлашдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди: «Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга киргизиш эмас, балки) фақат (Аллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир» (Наҳл: 35).

Аллоҳ таоло, ҳар бир халққа пайғамбар юборгани, пайғом етмаган халқларни эса азобламаслигидан хабар берди.

Пайғамбарларнинг аломат ва мўъжизалари:

Аллоҳ таоло пайғамбарлари алайҳимуссаломларни ростгўйликлари ва пайғамбарликлари далолат қиладиган турли далил ва ҳужжатлар билан мададлади. Ростгўйликлари ва пайғамбарликларининг исботи ўлароқ уларга зоҳирий мўъжиза ва аломатларни бериш, Аллоҳ берган мададнинг баъзисигина, холос.

Мўъжизалардан мақсад, Аллоҳ таоло пайғамбарлари қўлида жорий қилган ва оддий инсонлар қила олмайдиган ғайри табиий ҳодиса ва жараёнлардир. 

Мўъжизаларнинг намуналари:

  • Мусо алайҳиссалом асосининг илонга айланиши.
  • Ийсо алайҳиссаломнинг халқига нима тановул қилиб, уйларида нималарни ғамлаганлари ҳақида хабар бериши.
  • Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун Ойнинг иккига ёрилиши.

Пайғамбарларга иймон келтириш нималарни ўз ичига олади?

  • Пайғамбарларнинг пайғамбарлиги Аллоҳ таоло томонидан ҳаққи рост эканлигига иймон келтириш. Барча пайғомлар ёлғиз Аллоҳга Унга шерик қилмаган ҳолда ибодат қилишга чақирганлигида ҳамоҳангдир. Аллоҳ таоло айтди: 
    «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
    Пайғамбарларнинг шариатлари гоҳида ўз халқларига муносиб тарзда ҳалолу ҳаромда бир-биридан фарқ қилади. Аллоҳ таоло айтди:  «Сизлардан ҳар бир миллат (яъни, дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48).
  • Барча пайғамбар ва расулларга иймон келтириш.
    Биз Аллоҳ таоло исмларини баён қилган Муҳаммад, Иброҳим, Мусо, Ийсо ва Нуҳ алайҳимуссаломлар каби пайғамбарларга (батафсил), исмлари баён қилинмаган пайғамбарларга эса умумий тарзда иймон келтирамиз. Пайғамбарлардан биронтасига кофир бўлган одам, уларнинг барчасига кофир бўлган бўлади.
  • Пайғамбарларнинг саҳиҳ бўлган хабарларини, Қуръон ва Суннатда баён қилинган мўъжизаларини тасдиқлаш, масалан, Мусо алайҳиссалом учун денгизнинг ёрилиш мўъжизаси каби.
  • Бизга юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатига амал қилиш. Зеро, пайғамбарларнинг сўнггиси ва фазилатда устун бўлгани — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Пайғамбарларнинг сифатларидан баъзилари:

  1. Улар инсондирлар. Улар билан бошқа инсонлар ўртасидаги фарқ шуки, Аллоҳ таоло уларни ваҳий ва пайғом билан хослади. Аллоҳ таоло айтди: 
    «Биз сендан илгари ҳам фақат эр кишиларни Пайғамбар қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос» (Анбиё: 7).
    Пайғамбарларда рубубият ёки улуҳият хусусиятларининг биронтаси ҳам йўқдир. Улар — ахлоқ камолотига эришгандек, зоҳирий хилқатда ҳам камолотга эришган инсондирлар. Бундан ташқари улар одамларнинг олий насаблилари бўлиб, пайғамбарлик юки ва масъулиятини кўтаришга лойиқ қиладиган зийрак ақл ва баён қилгувчи забон эгаси бўлганлар.
    Аллоҳ таоло пайғамбарларни ўз жинсларидан бўлган инсонларга ўрнак бўлишлари учун одамзотдан танлади. Шу боис инсонларнинг пайғамбарларга эргашишлари ўз тоқат доираларидадир.
  2. Аллоҳ таоло пайғамбарларни пайғом билан хослади. Аллоҳ таоло уларни бошқа одамларни қўйиб пайғамбарлик билан хослади ва шундай деди: 
    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Илоҳингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда» (Каҳф: 110).
    Пайғамбарлик руҳий шаффофлик, заковат ёки ақлий мантиқ билан эмас, балки, раббоний танлов билан қўлга киритиладиган вазифадир. Аллоҳ таоло, Ўзи айтганидек, пайғамбарларни одамлар орасидан танлаб олди: 
    «Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билгувчидир» (Анъом: 124)
  3. Пайғамбарлар Аллоҳ тарафидан етказаётган ваҳийларида маъсумдирлар. Улар Аллоҳдан ваҳийни етказишар ва шу ваҳийни татбиқ қилишар экан хато қилмайдилар.
  4. Ростгўйлик. Пайғамбарлар, уларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин, гаплари ва қилаётган ишларида ростгўйдирлар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди: «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса Қиёматдир» (Ёсин: 52).
  5. Сабр. Пайғамбарлар Аллоҳнинг динига (жаннатдан) муждаловчи ва (жаҳаннамдан) огоҳлантирувчи бўлиб чақирдилар. Бу йўлда турли машаққатларга дуч келиб, азиятлар чекишларига қарамай сабр этдилар ва Аллоҳнинг каломини олий қилиш учун матонат кўрсатдилар. Аллоҳ таоло айтди: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек (мушрикларнинг озор-азиятларига) сабр қилинг» (Аҳқоф: 35).

Пайғамбарларга иймон келтиришнинг самаралари:

Пайғамбарларга иймон келтиришнинг катта самаралари бўлиб, шулардан баъзилари қуйидагилардир:

  1. Аллоҳ таолонинг раҳмати ва бандаларига бўлган эътибори.
    Чунки Аллоҳ, бандаларига Тўғри Йўлни кўрсатиш ва Аллоҳга қандай ибодат қилишларини баён қилиш учун пайғамбарларни юборди. Зеро, башар ақли буларни ўзича била олмасди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида шундай деди:  «Биз Сизни барча оламларга раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107).
  2. Аллоҳ таолога бу улкан неъмат учун шукроналар келтириш.
  3. Пайғамбарлар соллаллоҳу алайҳим ва салламларни севиш, эъзозлаш ва уларга лойиқ бўлганидек мақтовлар айтиш.
    Чунки, улар Аллоҳга қулликни бажо келтирдилар, Унинг пайғомини етказдилар ва бандаларига насиҳат қилдилар.
  4. Пайғамбарлар Аллоҳнинг даргоҳидан олиб келган пайғомларга эргашиш.
    Бу пайғомлар — шериксиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиш ва пайғомларга амал қилиш, демакдир. Шундагина мўминлар учун ҳаётларида эзгулик ва ҳидоят, икки дунёда эса бахтиёрлик амалга ошади.

Аллоҳ таоло айтди: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг — бахтсиз ҳаёт бўлур» (Тоҳа: 123 – 124).

Сино ярим оролидаги Мусо тоғи. Айрим тадқиқотчилар унинг Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло билан гаплашган тоғ эканини таъкидлашган.   

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси

Мусулмоннинг қулай йўриқномаси веб саҳифаси (Мусулмоннинг қулай йўриқномаси) китобининг электрон нусхаси бўлиб, ад-далил ал-маосир ширкатининг фаолиятларидан биридир. У 15 дан ортиқ тилларда қўйилди ва мумтоз электрон қолиблардан бир қанчасига солинди.

ад-Далил ал-Муосир